БАЁНОТ

27.12.2022

(банк ва веб-сайт ўртасидаги навбатдаги суд жараёни юзасидан)

“Anorbank” ва “sof.uz” веб-сайти ўртасида бўлиб ўтаётган иқтисодий иш жараёни ҳақида маълумот беришни давом эттиради.

Тошкент туманлараро иқтисодий суди судьяси М. Муҳитдинов раислигида
26 декабрь куни соат 15:00 да навбатдаги суд мажлиси бошланди.

Дарҳақиқат, кечаги суд мажлиси ҳар томонлама қизиқ ва шов-шувли воқеалар билан бошланди. Ҳуқуқий демократик давлатда низоларни суд орқали тартибга солиш одатий ҳол ҳисобланади.

Лекин, негадир айнан мамлакатимиздаги айрим оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерларгина низони суд орқали ҳал этишни “сўз эркинлигини бўғиш”, “очиқликка қарши курашиш” каби баландпарвоз, асоссиз, асосийси қонунга мувофиқ бўлмаган уйдирмалар тарқатиш орқали кутиб олиниши ачинарли ҳолдир.

Суд мажлисига “sof.uz” веб-сайти вакиллари билан биргаликда Хуршид Далиев, Баҳодир Аҳмедов, Зафар Солижонов, Отабек Артиков, Эмине-Лемара Мирзааҳмедова, Абдулла Ташанов ва бошқа бир неча ўнлаб блогер ва журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ташриф буюрдилар.

Суд мажлиси бўлиб ўтадиган суд зали нисбатан кичик бўлганлиги ва ҳамма ташриф буюрганлар сиғмаганлиги учун суд раҳбарияти томонидан катта суд мажлиси зали очиб берилди.

Судья томонидан суд мажлиси очиқ деб эълон қилиниб, оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерларга суд мажлиси жараёнини ёритиш учун имконият яратиб берилди.

15 декабрь куни бўлиб ўтган дастлабки суд мажлисида банк вакили томонидан иқтисодий ишни кўриш жараёнида даъво талабларини асослаб бериш учун банкнинг фаолиятига доир тижорат сири ҳамда мижозларнинг банк сирини ташкил этувчи маълумотлари очиқланиши, ушбу ҳолат эса банкнинг иқтисодий манфаатлари ҳамда мижозларининг ҳуқуқларига таъсир этиши сабабли суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш ҳақидаги ариза киритилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 11-моддаси иккинчи қисмига асосан давлат сирини, тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш зарур бўлган тақдирда ишни ёпиқ суд мажлисида эшитишга йўл қўйилади, ишни ёпиқ суд мажлисида видеоконференцалоқа режимида эшитишга йўл қўйилмайди, бундай мажлиснинг аудио- ва видеоёзувлари амалга оширилмайди.

“Тижорат сири тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг
3-моддасига биноан тижорат сири – учинчи шахсларга номаълумлиги сабабли фан-техника, технология, ишлаб чиқариш, молия-иқтисодиёт соҳаларида ҳамда бошқа соҳаларда тижорат қимматига эга бўлган, қонуний асосда эркин фойдаланилмайдиган ахборот бўлиб, ушбу ахборот мулкдори унинг махфийлигини муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирларни кўради.

Мазкур Қонуннинг 17-моддасига асосан суд муҳокамаси чоғида судни ва ишда иштирок этувчи шахсларни тижорат сири билан таништиришга тижорат сирининг мулкдори ёки конфидент даъвогар ёки жавобгар сифатида иштирок этаётган низонинг мазмунига бевосита тааллуқли бўлган қисми бўйича йўл қўйилади.

“Банк сири тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 3-моддаси билан банк сири банк томонидан муҳофаза қилинадиган маълумотлардан иборат эканлиги белгиланган бўлиб, хусусан, банк мижозларининг операциялари, ҳисобварақлари ва омонатларига доир маълумотлар банк сири эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.

Ушбу Қонуннинг 6-моддасида банк сирини ташкил этувчи маълумотлар хизмат вазифасини бажариши муносабати билан ўзига ишониб топширилган ёки маълум бўлиб қолган ёхуд ушбу Қонунда белгиланган тартибда тақдим этилган шахслар томонидан бу маълумотларнинг ошкор қилиниши ёки улардан шахсий мақсадда ёхуд учинчи шахсларнинг манфаатлари йўлида фойдаланилиши тақиқланиши ҳам белгиланган.

Шуни таъкидлаш лозимки, банк фаолиятига доир тижорат сирини ташкил этувчи маълумотлар ўз ўрнида банк мижозларининг банк сирини ҳам ўзида акс эттиради.

“Anorbank” ҳар доим очиқлик ва конструктив диалог тарафдори эканлигини маълум қилиб келади, лекин иқтисодий ишни кўриш жараёнида тижорат ва банк сирига оид маълумотларни сақлаш мажбуриятини Қонун тақозо қилганлигини инобатга олиб, суддан ишни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқиш сўралган.

Суд банкнинг ёпиқ суд мажлиси ўтказиш ҳақидаги илтимосномасини ҳамда ушбу илтимоснома юзасидан “sof.uz” веб-сайти вакили ва адвокатининг фикрларини тинглаб, маслаҳатда қолиб, иш бўйича ёпиқ суд мажлиси ўтказишни лозим деб топди.

Лекин, минг афсуслар бўлсинки, суднинг ажрими суд мажлисида иштирок этаётган журналист ва блогерлар томонидан эътирозлар билан қабул қилиниб, процессуал қонунчилик талабларига зид равишда судьяга очиқ эътирозлар билдирилиб, турли хил провакацион фикрлар билдирилиб, суд мажлисида “хаос” ҳолати келтириб чиқарилди.

Ваҳоланки, суд мажлисида сўзлаш ҳуқуқи фақатгина иш бўйича тарафларга берилади. Лекин, ишда иштирок этган айрим журналист ва блогерлар қонунчилик талабларини писанд қилмай очиқдан-очиқ судга таъсир ўтказишга қаратилган чиқишларин бошлаб юборишди, ҳаттоки айрим юрист-блогерлар суд мажлиси залидаёқ интервью беришга ўтиб, очиқдан-очиқ суд ҳужжатини муҳокама қилишга киришиб кетишди.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 15-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади, давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар.

Шунингдек, Конституциянинг 29-моддасида ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги мустаҳкамлаб қўйилганлиги билан бир қаторда, фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкинлиги ҳам белгиланганлигини ҳар ким ёдида тутиши лозим.

Ушбу ўринда давлатимиз қонунларидаги қуйидаги нормаларни батафсил келтиришни лозим деб топдик.

“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 66-моддасига асосан:

- судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди;

- муайян ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўриб чиқишга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд ҳужжати чиқарилишига эришиш мақсадида судьяларга қандай бўлмасин таъсир кўрсатиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади;

- оммавий ахборот воситалари ўз хабарларида муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан ўзича ҳал қилиб қўйишга ёки судга қандай шаклда бўлмасин таъсир кўрсатишга ҳақли эмас.

“Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 6-моддасига асосан муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади.

Шу ўринда, оммавий ахборот воситалари:

- ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар;

- эълон қилинаётган ахборотнинг тўғрилигини текшириб кўришлари шарт ва улар ахборот берувчи билан биргаликда унинг тўғрилиги учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар;

- тарқатилаётган ахборотнинг холислиги ва ишончлилиги учун белгиланган тартибда жавобгар бўлади мазмундаги нормалар амалдаги қонунларда мавжудлиги қонунларини писанд қилмайдиган ва судга таъсир ўтказишни кўзлаган айрим оммавий ахборот воситалари, журналист ва блогерларга эслатиб ўтишни лозим деб топдик.

 

Shuningdek o`qing

01.04.2024 Ko'plab talablarga ko'ra “Qulay mikroqarz” uchun 10% chegirmani uzaytirmoqdamiz!
28.03.2024 Endi o'qituvchilar ham ishtirok etmoqda!
01.12.2023 Sizning fransuzcha orzuingiz

Anorbank ilovasi

Qulay va tushunarli interfeys, yangi funksiyalar va imkoniyatlarni yangi ilovamizda topasiz. Shuningdek ilovaning ishlash tezligi ham oshirildi.

Sizning fikr-mulohazangiz uchun tashakkur!

Kerakli ma'lumotni topdingizmi?

Havola bilan bo'lishing: